05.03.2020

ВВП ҳақида

Йуқ, гап Путин ҳақида эмас, «Ялпи ички махсулот» (Валовой Внутренний Продукт) ҳақида кетади. Аксарият ушбу иқтисодий кўрсаткич номини кўп эшитади-ю, лекин у ўзи нимани англатиши ва қандай ҳисобланиши борасида аниқ тушунчаси йўқ. Одамлардан суриштирсанг, узоғи билан «ЯИМ қанчалик катта бўлса, ўша давлат учун шунча яхши» каби умумий гапни эшитишинг мумкин. Вахоланки, бундай ёндашув хар доим хам тўғри бўлавермайди.
Қисқа ва содда қилиб айтганда, ЯИМ – маълум бир вақт давомида (одатда – бир йил) давлат ичида ишлаб чиқарилиб сотилган товарлар ва кўрсатилган пулли хизматлар ҳажмини ифодалайди (пулда).

Бугунги кунда, ЯИМ ҳажми ва ўсиш суръати – давлатлар иқтисодини баҳолашда асосий кўрсаткичлардан бири бўлиб қолган. Яъни, бирон-бир давлат ЯИМи йилдан-йилга қанчалик тез ўсиб борса, унинг иқтисоди шунчалик соғлом ва ривожланувчи хисобланади. Бир қараганда, хақиқатдан хам кўпроқ махсулот ишлаб чиқарилиши – кўпроқ маҳсулот истеъмол қилинаётганини, кўпроқ истеъмол эса, ўз навбатида, аҳолининг ҳаёт даражаси ошиб бораётганидан дарак беради. Бироқ ЯИМ ҳар доим фақат кўпроқ ишлаб чиқариш хисобигагина ўсадими? У ўзи қандай ҳисобланади – хамма давлатларда бир хил стандартга кўрами? Ва ҳар доим ҳам ЯИМнинг ўсиши – ахоли ҳаёт даражасининг ошганидан дарак берадими?

Афсуски, ушбу саволларнинг ҳаммасига жавоб – ЙЎҚ. Авваламбор, ЯИМда фақатгина моддий товарларгина ҳисобга олинмаслиги сабабли, унга бемалол турли спекулятив айирбошловлар (масалан, фондлар биржасида) ҳам катта ўрин эгаллаши мумкин. Валюта курслари фарқида ўйновчи, турли деривативлар билан махинациялар қилувчи олиб-сотарлар, иқтисодда ҳеч қандай янги қиймат яратмаса ҳам, ЯИМнинг ошишига анча ҳисса қўшиши мумкин (баъзи давлатларда «сунъий капитал» ҳажми – реал капиталникидан ошиб кетган). ЯИМ кўрсаткичини ошириш ва борган сари оқсаб бораётган иқтисод ҳолатини чиройлироқ қилиб кўрсатиш учун, қатор Евроиттифоқ давлатларида хатто наркотрафик ва фохишабозлик соҳасида айланувчи пуллар ҳам ҳисобга олина бошланган (https://vz.ru/economy/2014/5/30/689252.html). Эслатиб ўтиш жоизки, ўз ЯИМсини ҳар бир давлат ўзи истаган равишда ҳисоблайди.

Битта мисол кўриб чиқайлик:
Айтайлик, сиз илгари сотиб олган чойнагингиз (ё исталган бошқа буюм) сизга 20 йил хизмат қилар эди. Бунда битта чойнак нархи 100 сўм эди. Бундан келиб чиқадики, ушбу чойнак бир йиллик ВВПга ўрта ҳисобда 5 сўм қўшиб келган (100/20=5). Энди эса чойнакларнинг умумий сифати пасайиб (Хитойдан импорт), 20 йилга эмас, 5 йилга етябди. Бунда чойнак нархи 80 сўмгача тушган (бу билан маҳаллий ишлаб чиқарувчини банкрот қилиб). Кўриб турибмизки, сиз 20 йил ичида энди 4 та чойнак олишингизга тўғри келяпти ва йиллик ЯИМ га энди 16 сўм қўшяпсиз (80*4/20 = 16). ЯИМ ошди, лекин сизнинг ҳаётингизда қандайдир ижобий ўзгариш, ўсиш бўлдими? Йўқ, сиз ўша-ўша чойнакдан фойдаланиб келяпсиз, шунчаки энди кўпроқ пул тўлаб.

Яъни ЯИМ нинг оширилишига товарлар «яшаш даври»ни қисқартириш орқали эришиш хам мумкин (хусусан, товарларнинг – масалан, телефонларнинг – «морал эскириши» орқали). Яна, шунчаки товарлар ва хизматлар нархлари (ё солиқлар) оширилиши билан хам.
Бошқа мисол: бир давлат (масалан, АҚШ) корхонаси ўз заводларини бошқа, иш кучи арзон бўлган бир давлатга (масалан, Хитойга) олиб чиққан. Бунда Хитойда ишлаб чиқарилиб, 500$ га сотилган битта iPhone-нинг атиги 6.5$ бевосита хитойлик ишчининг қўлига келиб тушади (айнан шу сабабли хам завод Хитойга кучирилган), қолган қисмидан 162$ телефон қисмларини тақдим этувчи Европа давлатлари, Япония, Кореяларга кетса, яна 330$ АҚШдаги Apple нинг ўзига кетади (булар реал рақамлар). Лекин телефон тайёр холда Хитой чегарасини кесиб ўтиши сабабли, унинг тўлиқ қиймати Хитойнинг ЯИМсида хам акс этади.
Аҳолини турли кредитлар билан қарзга ботириш орқали ҳам (ўта баланд нархлар сабабли одамлар товар ва хизматларни яхлит сотиб олишга қурби етмагач, кредит ва рассрочкаларга юзланмай иложи қолмайди) маълум вақтгача (баъзида ўнлаб йиллар давом этувчи) ЯИМнинг ошиб боришини таъминлаш мумкин.

Юқорида келтирилган мисолларда ЯИМ ошиб бораверади, лекин бундан бевосита фуқаролар хаётида қандайдир ижобий ўзгариш бўлмайди. Шундай экан, иқтисод ҳолатига шунчаки ЯИМ ҳажми ва ўсиш темпига қараб баҳо беришга шошилманг.
Мирзиёд Мирусмонов

Мақолалар