31.01.2020

Дунёдаги энг ноодатий дўконлар

Дўконлар – одамлар учун уй ёки иш жойлари каби таниш жой. Биз доим бирор нарса сотиб оламиз. Онлайн савдо қанчалик тез ривожланмасин, барибир ҳам оддий дўконларга тез-тез ташриф буюрамиз. Онлайн-дўконларнинг афзаллиги шундаки, сиз сотиб олишдан олдин товарларга тегиб, ушлаб кўриб, ўлчаб кўришингиз мумкин.
Одамларни дўконга жалб қилиш учун бир-биридан ғаройиб рекламалар ўйлаб топишади. Кимдир кириш жойига промоутерларни қўяди. Ташқи кўринишини шундай ясатишадики, ёнидан бефарқ ўтиб кета олмайсиз. Биз сизга дунёдаги энг ғайриоддий дўконлар дизайнини тақдим этамиз.

Кристиан Петерсоннинг Берлиндаги велосипед дўкони
Диққатни жалб қилиш учун дўкон эгаси бошини кўп қотириб ўтирмади. Шунчаки бинонинг фасад қисмига кўп миқдордаги ҳақиқий велосипедларни осиб қўйди. Ҳаммаси бўлиб дўконда 120 дона велосипед осилган.

Aмстердамдаги Adidas дўкони
Бу спорт кийимлари ва пойабзалларини севувчилар учун ҳақиқий роҳат манзилидир! Дўкондан таниқли бренднинг янги спорт крассовкаси қутиси билан чиқиб кетиш жуда ёқимли. Энди тасаввур қилинг, кроссовка олиш учун уй катталигидаги коробка ичига киришингизга тўғри келади. Ёки эҳтимол, ушбу дурдона ижод намунаси ихтирочилари ташриф буюрувчиларни ўзларини мушуклар каби ҳис қилишларини хоҳлашгандир-а. Чунки мушуклар турли хил қутилар ичига киришни яхши кўришадида.

Лондондаги Diesel дўкони
Aгар Лондоннинг Карнаби кўчаси бўйлаб сайр қилсангиз, улкан радиоприёмникка кўзингиз тушади. Лекин хавотирланманг. Бу шунчаки ғайриоддий шаклда тайёрланган Diesel дўкони. Қизиқ, киришнинг ўнг томонидаги овоз созлагичлар ҳаракатланармикан?

Цюрихдаги Frеitag дўкони
Frеitag – бу фақат қайта ишланган материаллардан, хусусан брезент ва хавфсизлик камарларидан тайёрланган ёшлар сумкаларидир. Ушбу бренд яратувчилари қайта фойдаланиш ғояларини охиригача олиб боришга қарор қилишди ва бир нечта юк ташиш контейнерларини дўконга айлантиришди. Қаранг, қандай чидамли ва жозибали! Бундай дўкон жойни тежашга имкон беради. Кечаси дўконда чироқлар порлаб туради.

Ванкувердаги Gap кийим дўкони
Реклама берувчилар кўпинча шов-шувларида «ғаройиб», «бошни айлантирадиган даражада» ва шунга ўхшаш сўзларни кўп ишлатишади. Ванкувердаги Gap дўкони бошқарувчилари нафақат ушбу ибораларни ўз реклама кампанияларида ишлатишга, балки буларни амалда кўрсатишга қарор қилишди. Бир неча кун давомида дўконда деярли ҳамма нарса ўзгартирилди: белгилар, манекенлар, кийиниш хоналари, витриналар, стол, логотип ва бошқалар. Ҳатто Gap бренди билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаганлар ҳам ушбу «бош айланиш акциясида» иштирок этишди – дўкон яқинидаги хот-дог сотиладиган дўкон ва тўхтаб туриш жойидаги бир нечта машиналар ҳам. Қизиқ, акция кунлари сотувчилар ҳам бошини пастга қаратиб савдо қилганмикан?

Индонезия – дарёдаги бозори
Тўғри, бу дўкон эмас, балки бозор, лекин сиз эҳтимол кўча савдосининг бундай форматини кўрмагандирсиз. Савдогарлар бу вақтда дарёда сузадиган қайиқларда ўтириб, мева, сабзавот ва кўкатларни сотишади. Агар сотувчи истаса ёки кайфияти яхши бўлиб турса, у сизни манзилингизга қайиғида олиб бориб қўяди. Бошқача, айтганда уйга етказиб беришдир.

Париждаги Louis Vuitton дўкони
Париждаги бу бренд дўкони улкан чамадонлар шаклида қурилган.

Токиодаги Swarovski дўкони
Swarovski брендининг маҳсулотлари ёрқинлиги ва жилвакорлиги билан кўзни қамаштиради. Токиода бу брендга янада кўпроқ ҳашамат қўшишга қарор қилишди ва янгича дўкон очишди. У қимматбаҳо тошлардан қилинганга ўхшайди.

Гонконгдаги Momo дўкони
Ушбу дўкон Гонконг савдо марказларидан бирида жойлашган бўлиб, дизайни турли хил деразалардан қилинган. Дўконда турли томонлардан бир нечта кириш жойлари мавжуд, аммо белгиси йўқ. Бундай дизайн дарҳол диққатни тортгани учун ойнали қурилмани олдидан бефарқ ўтиш қийин.

Мақолалар