20.02.2020

Бренд бор-йўғи чиройли суратми ёки ишончми?

Бугун бренд яратиш керак, уни одамларга танитиш керак, дея бонг урилмоқда. Ҳар ким брендни турлича тушунади ва шунга яраша эътибор беради. Профессионал маркетологлар аллақачон бренд “соғлиғи”, “ўрни” “кучи” ва “ўсиши” каби қўшимча атамалар ишлатишмоқда. Бугун тадбиркорларимизда бренд ҳақида шаклланган тасаввурлар турлича.

Бренд – логотип
Бундай қабул қиладиганлар бор-йўғи чиройли танланган ном ва чизилган расм ёки сурат, деб тушунишади. Аслида логотип деб аталадиган нарсани аксар одамларимиз бренд, деб қабул қилади. Ном қисқа, сурат чиройли бўлса бас.

Бренд – рекламада ишлатиладиган атама
Реклама қилганда қайсидир ном тўғрироғи юқоридаги логотипни такрорлаш орқали харидорлар тасаввурида ажралиб туриш учун ишлатиладиган восита. Уни ишлатиш қолган рақобатчилардан ажралиб туришни осонлаштиради.

Бренд – қимматроқ сотиш имконияти
Бундай таъриф берувчилар “Apple” компаниясининг маҳсулотларини мисол келтиришни яхши кўришади. Олмафон аксар рақобатчилардан қиммат шу билан бирга бозори чаққон. Ишлаш услуби бир хил бўлса ҳам, нархи ошиқ. Демак брендга пул тикиб, товарни кўпроқ фойда билан сота оламиз.

Бренд – бу истеъмолчиларнинг компания ҳақидаги тасаввури
Бунда бренд соғлиги, ўрни, позицияси, ажралиб туриши кабилар ишлатилиши бошланади. Рақобати кучли бўлган, бозордаги улушни атиги 0,05% (яъни фоизни юздан беш қисми) учун курашилганда ўта муҳим бўлишни бошлайди.
Ўзбекистон бозорида сув ва шарбат маҳсулотлари ишлаб чиқариш сегментида шунга яқинроқ рақобат бор десак бўлади. Бунда нечта одам брендни танийди, сифатли деб ҳисоблайди ва ҳоказо ўлчовлар ишлатилади.

Бренд – обрў
Бу корпоратив бошқарув нуқтаи назаридан компаниянинг харидорлари, ишчилари, ҳамкорлари, давлат ва жамият кўзидаги обрўси. Содда қилиб айтганда, агар кўчада фирманинг логотипи туширилган либосдаги одам хато қилса, бутун компанияга таъсир қилиши мумкин. Аммо кўпчилик олдидаги обрўси майли.
Бугун бошқарув нуқтаи назардан муҳим бир масалани ўртага ташламоқчиман. Тасаввур қилинг, компания ходими учрашувга бирон масалани муҳокама қилишга келди ва маълум келишувларга эришилди. Компаниялар ўртасида шартнома тузилди. Бунда биринчи раҳбар, бизнес эгаси ёки унинг қариндоши эмас, аммо ташкилот номидан иш юритаётган менежер ёки бўлим бошлиғи қўл берди. Шунда, корхонага қайтгандан кейин раҳбар шартнома шартлари тўлиқ мос эмас экан деб, келишувни бекор қилди. Нариги тараф чиқиб, нега бундай бўлди деса, иккита жавобдан бирини ишлатиш одати бор. У ходимни бундай келишувни қилиш ваколати йўқ эди.
Қизиғ-а, ваколати йўқ бўлса, нега жўнатдингиз? Ходим билган бўлса, нега дарҳол мен фақат келишув тузгани эмас, сизларни шартларингизни билгани келдим демайдими? Чунки, агар муҳокама вақтида савдолашиб, нарх туширинг у ёки бу дейишни бошласа, демак иккинчи тараф буни қарор қабул қилишга ҳаққи бор экан, шунга нарх бўйича талашяпти, деб қабул қилади. Аммо кейин ходимни ўзини нотўғри тутган дейилса, компания муносабатларга жиддий қарамай, ҳамкорни менсимай учраган одамини жўнатган бўлиб қолади. Келишувга ваколати бор эди, аммо раҳбарга ёқмади шартлар, фойдаси кам экан.
Иэ, учрашувга ходим ўз номидан бормади-ку. Раҳбар ваколат бериб жўнатдими, демак “уни гапи мени гапим” деган нақлда иш тутди. Мана шу ерда корхона фақат қисқа муддатли фойда учун ишлайдими ёки узоқ муддатли ҳамкорлик қуришни истайдим ажралади. Сабаби – қисқа муддат бўлса, бренд-прендни унутаверсин. Тез орада ҳамкорлар орасида “гапираверади, қайтаверади” деган таърифга эга бўлади. Чуқурроқ қабул қиладиганлар эса, бу одам танлашни билмайди, тез-тез ўзгараверади, шунинг учун унга ишониб ишлашни ҳожати йўқ эди.
Ҳа, айтганча, келишув майли, баъзида корхонада муаммо туғилиб қолса, ҳамкорларга айтилган вақтда маҳсулот етиб бормаса ёки боқша ишлар бажарилмаса, раҳбар ишчисини қоралаб, улар билан ишлаб қийналиб кетганини, мана энди ўзи назоратга олиб жойига қўйишини айтади.
Яхши раҳбар ишчисини ёқтирмаса ҳам бошқаларнинг олдида уни ёмонлаши зинҳор мумкин эмас. Нега? Чунки ходимнинг хатосига доим раҳбар жавоб беради. Агар ходим асли ёмон-у, ишга олинган бўлса ҳам, бу бошқарувчи хатоси. Лекин ходим яхши бўлган-у, компания уни ишлата олмаса, унда раҳбарда икки карра каттароқ хато. Аслида компания қоровулидан бошлаб раҳбаригача иш вақтидами, ташқаридами – бренд вакили. Уларнинг ўзини тутиши, сўзига жавоб бериши, муносабатлари бутун жамият, одамлар, харидорлар, ҳамкорлар ва давлат вакиллари олдидаги обрўсини осмонга олиб чиқиши ёки путур етказиши мумкин.
Баҳодирхон Фозилхўжаев
«MASTER EXPERT PARTNERS» консалтинг компанияси раҳбари

Мақолалар