15.01.2020

БАС ҚИЛИНГ!

Бизнес ва иш ўринлари деб чуқур таҳлилларни одамлар орасида қилишимга тўғри келди. Психологик билим ва тажрибам бўлмасада одамлар билан мулоқот ўтказавериб кўп нарсаларни англаб етдим.

Ишсизлик муаммосини ортидан қувиб аслида қўлида ҳеч нарса келмайдиганлар жамиятни эгаллаб олганини гувоҳи бўлдим.

Аҳолини иш билан таъминлашга масъул бўлган аксарият раҳбарларнинг амалдаги бандлик муаммосига ягона ечими бу афсуски – КАФОЛАТ+БАНК+КРЕДИТ=ИШ ЎРНИ!

Ҳаёти давомида тадбиркорлик фаолиятида бир кун ҳам ишламаган галстукчани халқ устида бандлик бўйича раҳбар бўлиши, бу товуққа тулкини қоровул қилишни англатади.

Юқорида ахмоқлар ҳақида батафсил кейинги сафар тўхталаман. Мазкур мавзу ўта долзарб бўлиб, вабо сингари жамиятни кенг эгаллаб олмоқда. Яъни гап ўзига қабр ковлаётганлар ҳақидадир.

Тушкунлик, армон ва андуҳ асоратлари кўпчиликни ўзидан кўнгли совишига хизмат қилмоқда. Тадбиркорлик билан шуғулланиб кимнидир ёки қайсидир давлат хизматчисини айби билан банкрот бўлганларга бизнес сўзи сафсата бўлиб қолгани ачинарли ҳолат ҳисобланади.

Кўзбўямачи давлат телевидение ва газеталари ўлганни устидан тепган қилиб, фақатгина янги иш ўринлари ташкил этган замонавий корхоналарни намойиш қилиш билан овора.

Нега улар банкрот бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини оммага олиб чиқмайди?! Иш бошласа, Президентни етаклаб ўша корхоналарга олиб келишни билишади. Нега иши тўхтаб қолган цехларга Шавкат Мирзиёевни олиб боришмайди?! Иш ўрнидан ажралган ва болаларининг ризқи узилган инсонлар тақдири нега раҳбариятни қизиқтирмайди?!

Вақтида солиқ тўлаб турган тадбиркор тўсатдан инқирозга учраса, оз фурсатдан сўнг шоқоллар унинг атрофида айланиб қолади. Тўғрими?!

Мана шундай адолатсизликлар қурбони бўлаётган инсонлар орамизда сон мингта. Вагонлаб мардикорларнинг орамизда пайдо бўлиши ва чет элга равона бўлаётгани ҳам айнан мана шундай ноҳақликлар ортидандир.

Бошига худди шундай мусибат тушган азизлар! Ўзингиздан нафратланманг! Қаердадир қилган хатоларингиз навбатдаги ишларингизда асқотишини унутманг! Олдинга қараб интилинг! Қийин аҳволда бўлсангиз ҳаммасини эсдан чиқариш учун фикрлашайлик, ҳасратлашайлик ва дардлашайлик. Халқимизни мардикор бўлишини истаётган кучларга таслим бўлмайлик!

Тушкунликка тушишни бас қилинг! Фикрни жамланг!

Мардон Аслонов

Мақолалар