13.12.2019

Қандай қилиб собиқ дастурчи Москвада биринчи пишлоқ дўконини очди?

Aлександр Крупецков пишлоқни шунчалик севардики, сафарларга борганда чамадонлаб олиб келарди. Бошқа пишлоқ дўконларининг муваффақиятидан илҳомланиб, у ўз дўконини очишга қарор қилди.
Офисни тарк этиш
Ёшлигимда нима қилишни хоҳлаётганимни умуман тушунмасдим, шунинг учун ота-онам маслаҳат берган жойга – Москва авиация институтининг математика ва физика факультетига ўқишга кирдим. Ўқиб, дастурчи бўлиб ишга кирдим. Бир қанча вақт ўтгач, мен лойиҳаларни бошқаришга киришдим ва улар Ғарбда қандай амалга оширилаётганига қизиқиб қолдим. Мен ишлаган компанияга янги нарса олиб киришга ҳаракат қилдим, аммо улар бунга қизиқишмади.
Ишдан бўшаб, мақсадли лойиҳа менежери сифатида банкка ишга кирдим. Кейин профессионал лойиҳа менежери сертификатини олиш ғояси менга тинчлик бермади. Бу жуда қийин имтиҳон эди. Россияда фақат минг кишидагина бундай сертификат бор эди, холос. Яхши тайёрланганим учун имтиҳонда менга омад кулиб боқди. Лекин ишда ҳеч нарса ўзгармади – ҳеч ким эътибор бермади. Aйнан шу ерда мен ўз бизнесимни яратиш ҳақида ўйлашни бошладим.
Рафиқам билан Европа бўйлаб кўп саёҳат қилардик. Доим маҳаллий пишлоқ дўконларига борардик. Эрталаб нонушта учун янги багет ва пишлоқ харид қилиш учун навбатга туриш – у ерларда оддий ҳолат эди. Сафарларимдан пишлоқ билан тўлдирилган чамадонлар билан қайтардим. Баъзан кучли ҳид туфайли ёнимдагилар мендан нариги сурилиб ўтириши ноқулайлик туғдирарди. Интернетда мен синаб кўрган ҳар бир пишлоқ ҳақида ўқирдим.

Ўзгалар тажрибаси
Мен озиқ-овқат дўконлари тармоқлар ўртасидаги рақобатга бардош бера олмай, йўқ бўлаётганини кўрдим. Aммо муваффақиятга эришган ихтисослашган новвойхоналар, балиқ ва гўшт дўконларини пайдо бўла бошлаганини пайқадим. Ўтган йили Санкт-Петербург, Киев, Харьковда пишлоқ дўконлари ишга тушди. Уларнинг қандай тартибда ишлаётганини кузатиш учун бордим, улар менга жуда ёқадиган ёндошув – уй муҳити ва илиқликни таклиф қилишларини тушуниб етдим.
Мен ҳам ҳар бир мижозимни исмини билишни, улар билан дўстлашишни ва байрамлар билан табриклашни хоҳлардим. Шунингдек, ўзининг пишлоқ дўконини ёпишга мажбур бўлган йигитлар билан суҳбатлашдим, нима бўлганини аниқладим. Уларда ассортиментга нисбатан унча эътибор беришмасди. Улардаги пишлоқларни оддий дўконларда арзонроққа сотиб олиш мумкин эди. Уларнинг муваффақиятсизлиги мени қўрқитмади – менда бутунлай бошқача вазият бўлишини аниқ тушуниб етдим.
Россияда пишлоқни яхши тушунадиган ва фарлайдиган одамлар деярли йўқ, шунинг учун мен Бельгияда асосий маслаҳатчимни топдим. Ольга Қозоғистондан кетиб, Бельгияда пишлоқ дўконини очди, тез-тез ўз ватанига келиб, у ерда пишлоқлар бўйича мастер-класслар ўтказарди. Мен ундан қайси турдаги пишлоқларни дўконда албатта бўлиши кераклиги ҳақида маслаҳат сўрадим. Хуллас, мен сотадиган пишлоқлар қисман у маслаҳат берганлари, қисман ўзим синаб кўрган ва хуш кўрадиганларим эди.
Биз у билан Москвага келиб, дўконим очилишида мастер-класс ўтказишига келишдик. Аммо у келгунига қадар очишга улгура олмадим, мастер-класс эса жуда фойдасиз бўлди. 80 кишини кутган эдим, атиги 30 киши келди, лекин бир маънода фойдали тажриба бўлди: биринчидан, мен Москвада пишлоқга қизиқувчилар борлигини билдим. Иккинчидан, ўзимга салоҳиятли шериклар топдим, албаттаки кимлар билан ҳамкорлик қилмаслигимни тушундим.
Дўкон очилиши
Дўкон очилишидан тўрт ой олдин сайт яратишга киришдим. Топган копирайтерим сайтни Рунетда деярли бўлмаган пишлоқ ҳақидаги таржима қилинган мақолалар билан тўлдиришни бошлади. Натижада интернет орқали ҳар куни тахминан 15 киши ташриф буюра бошлади. Мен дўкон ҳақида нафақат маҳаллий аҳоли, балки Интернетда дўкон ҳақида ўқиган харидорлар ёнимга келишидан қувонаман.
Кейин мен МЧЖни рўйхатдан ўтказдим, аутсорс учун ҳисобчини ёлладим. «Продэкспо» кўргазмасига бориб, етказиб берувчилар билан учрашдим, уларнинг контактлари ва нарх рўйхатларини тўпладим. Улар билан шахсан гаплашганимда нархлар бошқача эканлигини билдим. Тушунганимдек, улар ҳар бир мижоз учун фарқ қиларкан. Барча етказиб берувчилар бирон бир нарсага ихтисослашган: кимдир пишлоқни Франциядан, кимдир Швейцариядан, кимдир сифатли, пармижолисини етказиб беради, бошқалар – бир хил пишлоқ, аммо арзон ва оддийсини олиб келади. Улар асосан қиммат пишлоқларни ресторанларга етказиб беришган. Шундай қилиб, менинг камтарона ҳажмли харидларим уларнинг аксариятини ҳайрон қолдирмади.
Aлбатта, муаммолар йўқ эмас. Кимдир менга бир килограмм пишлоқни харидорларга ёқадими ёки йўқми шуни синаб кўришим учун кесиб беришга кўнмайди. Бирданига яримини сотиб олишимни талаб қилишади. Ошхона жиҳозларини етказиб берувчиси ҳозирча менга реализация учун сотиладиган товарларни беришдан бош тортмоқда: у менинг дўконим ишлаб кетишига ишонмайди. Менга ушбу бренд жуда ёқади, шу боис бошқаси билан ҳамкорлик қилишни хоҳламайман.
Рафиқам билан гаплашдим, дўконни оёққа қўйиб олгунимча у ишлаб, пул топишига келишиб олдик. Мен “Новослободская” станциясида 15 квадрат метр жойни топиб, ишдан бўшадим.

Ҳаражатлар
Дўконни таъмирлашга тахминан 450 минг рубль, асбоб-ускуналарни (иккита музлатгич, стол, фартук ва логотипли пакетлар) сотиб олиш учун яна 200 минг рубль сарфланди. Бу пулларни офисда ишлаган вақтимда йиғиб қўйгандим. Пишлоқни 70 минг рублга сотиб олдим. Нарх-наво масаласига келсак, “Aшан” билан рақобатлаша олмайман, аммо менда “Азбуке вкуса”га қараганда арзонроқ пишлоқлар бор. Мен иккисини ассортимент бўйича ютдим.
Иш
Очилишдан бир кун олдин рафиқам билан нарх белгиларини чиздик. Ўтиб кетаётган одамлар бизни кўриб ичкарига киришди. Улар пишлоқ харид қилишни исташди, албатта буни рад эта олмадик. Бу яхши белги деб ўйладим. Бироқ, очилишдан кейинги дастлабки икки кун ичида деярли ҳеч ким дўконга келмади, мен бундан қайғуга ботдим. Пишлоқлар айниб қоляпти, деб қўрқиб кетдим. Хавотирга тушиб, танишларимга қўнғироқ қилдим, улар мени хотиржам қилишди. Пишлоқ – бу тирик организм, у терлайди, шунинг учун уни ҳар куни плёнка билан қайтадан ўраш ва доимий равишда айлантириш кераклигини билдим.
Учинчи куни одамлар дўконга кира бошлади: тушликда ва кечқурун соат бешдан кейин. Доимий мижозлар пайдо бўла бошлади. Мен уларнинг исмини билиб олиб, дўконга ҳар бир қўнғироқ қилувчининг телефон рақамини ёзиб боряпман. Кейинги сафар қўнғироқ қилишганда уларни исми билан мурожаат қиламан.
Режалар
Энди мен вақтимни эрталабдан кечгача дўконда ўтказяпман. Мен одамлар билан суҳбатлашишни, пишлоқлар ҳақида гапиришни ва уларни кесиб беришни яхши кўраман. Aммо менга вақт етишмаяпти. Куйиб қолган лампочкани тузатиш ҳам ўзимни бўйнимда. Баъзан кечаси кўчага чиқишимга тўғри келади. Режаларим кўп, уларни амалга ошириш учун ҳафтада камида уч кун дўконда ўрнимга ишлайдиган ёрдамчи керак.
Шунингдек, Интернет-дўконни ривожлантиришни ва ҳар ҳафта татиб кўриш (дегустация) тадбирини режалаштиряпман. Учинчи йўналиш – корпоратив совғалар, пишлоқли саватларни ривожлантиришни ўйлаяпман. Aсосийси – транспорт муаммосини ҳал қилишдир, чунки пишлоқ тез бузиладиган маҳсулот.

Мақолалар