02.10.2018

 “All Trip” билан ўзгача саёҳат қиламиз!

Куни кеча пойтахтимиздаги “Grand mir” меҳмонхонасида авиачипталар сотиш бўйича етакчи ҳисобланган “All trip” компаниясининг ташкил этилганига 10 йил тўлиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда компаниянинг барча раҳбар ва ходимлари, ҳамкорлари ва меҳмонлар жамул-жам бўлишди.

Буни қарангки, ўтган йили мазкур компания авиачипталарни сотиш бўйича биринчи ўринни қўлга киритгани қувонарли. Мазкур ютуққа эришиш осон бўлмаган, албатта. Жамоанинг бирдамлиги, бир мақсад йўлида ҳаракат қилиши, ходимларнинг қўллаб-қувватланиши бунда катта замин яратди.

– Компаниямизнинг шиори “Ўзгача саёҳат қил!”, – дейди компания раҳбари Алишер Раҳимов. – Мана шиор остида биз одамларни дунё бўйлаб саёҳатларни енгиллаштириш орқали иқтисодиётга ва тараққиётга ҳисса қўшишни кўзлаганмиз. Шу кунга қадар 200 мингдан зиёд мамнун мижозларга эга бўлдик. Айни пайтда минг нафардан зиёд доимий мижозга эгамиз. Фурсатдан фойдаланиб, яқин ҳамкоримиз ва кўмакчимиз “MASTER EXPERT PARTNERS” консалтинг компаниясига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Унинг яқин ёрдами билан яхши натижаларга эришиб келмоқдамиз. Шу боис келгусида катта мақсадларга кўзлаганмиз.

Тантанали маросимда компаниянинг 5 йиллик ривожланиш стратегияси тақдим этилди. Компаниянинг режалари бисёр. Ўқув марказини очиб, ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш кўзланган. Келгусида туризм бўйича йўлбошловчилар ҳам етиштирилади. Call center ни алоҳида жойга кўчириб, у ерда хизмат қилувчи ходимлар сонини 60 нафар етказиш режага киритилган.

Шу пайтгача мазкур компания сайёҳларни кутиб олиш ва кузатиш учун бошқа ташкилотларга транспорт масаласида мурожаат қилган. Айрим пайтларда нархлар қимматлик қилса, баъзида транспорт етишмай қоларди. Мана шуларни бартараф этиш, мижозларга намунали хизмат кўрсатиш учун компаниянинг таркибида транспорт тузилмасини ташкил этишга қарор қилинди. Бунинг учун 2 та замонавий автобус, 2 та минимен, 10 та енгил автомобил харид қилинади.

– Одамлар чет элга саёҳат қилишни қиммат деб ўйлашади, – дейди бош авиакассир Жонибек Насриддинов. – Шундай мижозлар бўладики, “200-300 долларим бор, холос. Қаерга бориб саёҳат қилиб келсам бўлади” дейишади. “All trip” компанияси мана шундай мижозларга ҳам имкон доирасида саёҳат қилишлари мумкин бўлган жойларни тавсия этиб, уларга бажонидил хизмат кўрсатишади.

Келгуси йилдан бошлаб онлайн авиачипталарни сотишни ҳам йўлга қўйиш арафасида.

2021 йилдан эса компания ташаббуси билан боғча ва мактаб қуришга киришилади. Бу ерда компания ходимларининг фарзандлари имтиёзли равишда тарбияланиб, таълим берилади. Мазкур муассасаларнинг фаолиятини юритиш учун хориждан мутахассислар жалб қилинади.

2023 йилдан бошлаб қурилиш компаниясига асос солиниб, меҳмонхоналар, замонавий уйлар қурилиб, ходимлар учун фоизсиз, узоқ муддатга кредит асосида бериш кўзда тутилган. Компания учун замонавий, янги қиёфадаги бинони қуриш мақсад қилинган. Илгари буларнинг бари фақат хаёлда бўларди, мана энди қоғозга туширилиб, аниқ мақсадга айланди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раиси Нуриймон Абулҳасан ҳам иштирок этиб, компаниянинг ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишда бежизга 5 йиллик муддат олинмагани, бунда Исломнинг 5 та устунига қиёс қилингани, бу эса хайрли эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Амир Темур, биринчи ва ҳозирги Президентимиз ўз фаолиятида доим кучли бешликка эътибор қаратганида ҳам катта маъно ва мазмун мужассам эканлигини кўриш мумкин. Унда исломий қадриятлар борлиги ҳам кишини қувонтиради.

– Индонезия ҳамда Малайзияликлар Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий каби ислом оламига номига кетган забардаст олимларнинг мақбараларини зиёрат қилиш истагини билдиришди, – деди Нуриймон Абулҳасан. – Индонезиядан 150 минг ҳамда Малайзиядан 200 минг нафар зиёратчи келиши кутилмоқда. Мана шундай зиёрат туризмини ривожлантиришда ҳам мазкур компаниянинг ҳиссаси катта бўлиши кутилмоқда.

Тадбир давомида ўз фаолиятида намуна кўрсатган, яхши кўрсаткичларга эришган бир гуруҳ ходимлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Уларни янада руҳлантириш учун лоторея ўйини ташкил этилди. Икки нафар омадли ходим Туркияга сафар қилиш учун чипта ютиб олди.

Расмий қисм тугагач, файзли ва тўкин дастурхон атрофида ширин суҳбатлар қурилди.

Хуршида Хоним

Янгиликлар