11.09.2018

Бизнес ғоя: лифтда реклама

Лифтларда реклама қилиш – инвестиция киритмасдан ҳам қўлга урса бўладиган фойдали бизнесдир. Наҳотки, лифтда бир қанча реклама эълонларини кўргач реклама бизнесини бошлаш фикрини ҳеч қачон ўйлаб кўрмаган бўлсангиз? Нима учун лифтларда реклама яратиш ва жойлаштиришга ихтисослашган агентлик яратишга киришмаслигингиз керак?

Эътибор беринг, сиз яшаётган шаҳарда барча лифтларда ҳам рекламаларга кўзингиз тушавермайди. Бундан  бозорнинг ушбу сегменти ҳали ҳам бўш ёки ривожланиш босқичида деган хулосага келиш мумкин. Лифтларда рекламаларни жойлаштириш бўйича ўз бизнесингизни ташкил этишни таҳлил қилайлик.

Реклама компаниясининг бизнес-режаси нимани ўз ичига олади?

Аввало, сизда бунга кучли истак бўлиши керак. Иккинчидан, лифтларда мижозларингизни реклама қилиш учун уй-жой мулкдорлари ширкати билан келишиш керак. Эҳтимол, сиз шунчаки бепулга ёки буюртмалардан қанчадир миқдорда фоизга келишишингиз мумкин. Яна бир вариант, айтайлик, ширкатнинг эълонларини ўзингизники билан бирга жойлаштиришингиз мумкин. Энг муҳими, ширкатга пул тўламайсиз. Мисол учун, қарздорларнинг рўйхати ёки совуқ ёки иссиқ сувни ўчириш вақти. Улар бунга рози бўлишади.

Сиз шартнома имзоланганидан сўнг, рекламани ким ва қаерда яратиш ҳақида ўйлашга киришасиз. Бу оддий нарса – реклама агентлигида ишлайдиган дизайнерларга барчасини берасиз ва чоп этиш учун эса босмахона билан буюртмага қараб белгиланган фоизга гаплашасиз. Шундай қилиб, сизга дастлабки инвестициялар керак бўлмайди.

Ва, аввало ўзингиз қилишингиз мумкин бўлган оддий учинчи қадам – реклама плакатлари ва эълонларни ёпиштириш учун одам ёллаш. Буни ҳам имкон қадар арзонроққа топса бўлади. Лифтга рекламани ёпиштиришга нари борса 5 дақиқа кетади. Ёлланма ишчи бир соатда бир қанча лифтга рекламаларни тарқатиб чиқа олади.

Бундай ажойиб реклама иши, албатта, катта талабга эга бўлади, чунки лифтда одамлар тепага кўтарилиб ёки пастга тушаётиб деярли ҳеч нарса қилишмайди. Агар ёнида бегона одамлар ҳам бўлса, қаерга қарашни билмай қолишади. Мана шундай ноқулай пайтда сизнинг рекламангиз уларни қутқаради!

Мижозларни топиш учун сиз ўзингиз барча компанияларга қўнғироқ қилишингиз ва хизматни таклиф қилишингиз мумкин. Бунинг учун газетадан фойдаланишингиз мумкин. Қўнғироқ қилганингизда, бу янги хизмат бўлгани учун у эксклюзив ва нархлар қиммат эмаслиги, унинг самарадорлиги жуда юқори эканлигини алоҳида таъкидланг. Эҳтимол, сиз биринчи куннинг ўзидаёқ бир неча мижоз топа оласиз. Бундай бизнесни бошлаш осон, чунки аввал сиз инвестиция қилмасдан ишлашингиз мумкин.

 

Мақолалар, Янгиликлар