23.09.2019

Қандай қилиб ботлар руминиялик дастурчини миллиардерга айлантирди?

Билл Гейтснинг айтишича, ҳар ким ўз компьютерига эга бўлиши керак. Руминиялик дастурчи Даниел Дайнс эса ҳар бир киши ўз ботига эга бўлиши зарур, деб ҳисоблайди. Тадбиркор дунёдаги компанияларга одатдаги ишларни автоматлаштиришга ёрдам беради. Forbes рўйхатида у ботлар ёрдамида бойиб кетган биринчи миллиардердир.

Даниел Дайнс технологик ривожланишнинг янги соҳаси ва Шарқий Европанинг тадбиркорлик руҳини ўзида мужассам этган. UiPath ботларини ишлаб чиқарувчиларининг бош директори бўлган бу одам интерактив доскага қараб, хўмраяди. Октябрь ойида унинг компанияси янги маҳсулотни чиқариши зарур, аммо режалаштирилган функциялардан бирини ишга тушириш хавфсизлик нуқтаи назаридан муваффақиятсиз бўлиши мумкин, бошқаси мобил қурилмалар учун мослаштирилмаган.

Бир вақтлар Microsoft да ишлаган Дайнс янги UiPath маҳсулоти Windows операцион тизими билан бир хил оддий интерфейсга эга бўлишини хоҳлайди. Офисининг деразасидан Бухарестнинг марказига қараб туриб, Вашингтон штати Белвью шаҳридаги маҳсулот бўйича менежерга қўнғироқ қилади. Бу вақтда у ерда соат бор йўғи эрталабки 6:30 эди. «Ҳаммасини қайта тузишингизни хоҳлайман. Менимча, бу интерфейс жуда мураккаб. Бизнинг маҳсулотимиз Gmail сингари осон ишлаши керак», дейди у.

Даниел Дайнс фойдаланувчи интерфейсига катта аҳамият беради, чунки компаниясининг якуний маҳсулоти инсон кўзига кўринмас бўлиб қолади. UiPath ботлар – такрорланадиган вазифаларни автоматик равишда бажарадиган махсус дастурларни яратади. Ботлар ҳақида гап кетганда, кўпчилик дарҳол Россиянинг АҚШ сайловларига аралашиши ёки мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилаш учун ишлатиладиган чат-ботлар ҳақида ўйлашади. Аммо яқинда 7 миллиард долларга баҳоланган Дайнс компанияси бутунлай бошқа ботларни яратмоқда.

Улар счёт-фактуралардан PDF форматидаги маълумотларни чиқариб олишлари ва мижознинг бухгалтерия дастурига ўтказишлари, шунингдек суғурта дастурларини қайта ишлашлари мумкин. UiPath ботлари оддий кундалик вазифаларни бажаради. Яқинда улар кўплаб одамларнинг ўрнини босиши мумкин: бир неча авлод олдин янги технологиялар пайдо бўлиши сабабли, банк кассалари ва телефон операторларининг тақдири худди шундай бўлганди.

Ботлар туфайли бизнес қандай пул топиши ва иқтисод қилиши мумкин?

Роботлашган жараёнларни автоматлаштириш (RPA) – бу ақл бовар қилмайдиган салоҳиятга эга бўлган инновацион ёндашув. Япониянинг Sumitomo Mitsui банки UiPath хизматларидан 2017 йил апрель ойидан бери фойдаланмоқда. Банк вакилларининг фикрича, ходимларнинг иш юкини камайтириш ва аниқликни ошириш уларга келгуси йилгача 500 миллион долларни тежашга имкон беради. Янги технологияларнинг катта салоҳияти туфайли ишлаб чиқарувчи Toyota ва Walmart каби гигантларни жалб қила олди. Ахир виртуал ботларни ўрнатиш ички фойдаланиш мақсадида янги иловани яратиш учун дастурчиларни ёллашдан кўра тезроқ ва арзонроқдир.

Бундан ташқари, компания ходимлари энди Excel макрослар яратиш ва электрон жадвалларни тўлдиришда бир неча соат ишлашлари шарт эмас. UiPath ботлари ушбу вазифаларни доимий равишда бажаради ва ҳеч нарсадан шикоят қилмайди. Битта ботнинг нархи йилига 15 минг доллардан ошмайди. Баъзи компаниялар бир вақтнинг ўзида бир неча минг ботлардан фойдаланадилар.

47 ёшли Даниел Дайнс робот жараёнларини автоматлаштиришни ихтиро қилмаган, аммо тезда ўз компаниясини янги бозорнинг етакчисига айлантирган. Икки йил олдин, UiPath унча таниқли бўлмаган Руминия стартапи бўлиб, 150 нафар ишчига эга эди ва европалик сармоядорлар уни 110 миллион долларга баҳолаганди. Компаниянинг даромади 5 миллион доллардан кам эди. Бугунги кунда UiPath бош қароргоҳи Манхеттендаги Парк Авенюдаги порлоқ осмонўпар бинода жойлашган. Дунё бўйлаб 30 дан ортиқ офисларда ишлайдиган ходимлар сони 3200 кишига етади. Ўтган йили компаниянинг даромади 155 миллион долларни ташкил этган бўлса, бу йил унинг даромади икки баравар кўпайиши кутилмоқда. Шу туфайли роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимлари бозори етакчиси “Forbes Cloud 100” нинг 2019 йилнинг 100 та энг яхши компаниялар рейтингида учинчи ўринни эгаллади. Апрель ойида Уолл-стрит сармоячилари, хусусан, Wellington Management бошқарув холдинги UiPath га 568 миллион доллар миқдорида маблағ ажратди ва стартапнинг баҳоси 7 миллиард долларга етди. Компаниянинг 20 фоизидан кўпроғига эгалик қилувчи Дайнс бот билан бойиб кетган биринчи миллиардерга айланди.

Аммо у, албатта, охиргиси бўлмайди. Ботлар нафақат Дональд Трампни қўллаб-қувватлаш учун Twitter да сохта аккаунтларни яратибгина қолмай, балки сунъий интеллект ёрдамида унумдорликни оширмоқда, шунинг учун бу жой ҳақиқатан ҳам истиқболли деб ҳисобланади. Бу UiPath кўплаб рақобатчиларга эга эканлигини англатади. Яқинда Лондон фонд биржасида рўйхатдан ўтган Blue Prism қўшимча акциялар чиқарилиши натижасида 130 миллион долларни йиғди. Япониянинг SoftBank холдинг компанияси Сан-Хосе шаҳри (Калифорния)даги Automation Anywhere компаниясига 300 миллион доллар сармоя киритди. Automation Anywhere  вакиллари сунъий интеллект технологияси соҳасида UiPath дан устун бўлганликларини даъво қилмоқдалар. Рақамли технологиялар гигантлари, биринчи навбатда, Microsoft ҳам роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимлари бозорига киришни ўйламоқда.

Айнан шу сабабли Даниел Дайнс Бухарестдаги интервью пайтида жуда асабийлашади. UiPath тез суръатлар билан ўсишда давом этиши керак, шу билан бирга бузилиш хавфидан ва янги технология бозорида «ёмон ботлардан» қолишнинг олдини олиш керак, чунки паст малакали одамлар иш жойларини йўқотиш хавфи остида. Руминиялик дастурчи ҳанузгача ўз тарихини ҳеч кимга айтмаган. Шунга қарамай, «янги технологиялар ёмонлиги» ҳақидаги суҳбат унга жуда таниш бўлиб туюлади.

Унинг собиқ хўжайини кейинчалик дунёни ўзгартирган операцион тизимни тақдим этганида, худди шундай суҳбатларни эшитган. «Мен Microsoft ишлаганимда, Билл Гейтс ҳар бир уйда компьютер бўлиши кераклигини айтган. Мен ҳар ким ўз ботига эга бўлишини истайман».

Ўзи мутақил ўрганган дастурчи

«Камтарлик» – UiPath нинг тўртта асосий қоидаларидан биридир. Қисман, у илгари Google нинг норасмий шиори бўлган «Жаҳлдор бўлма» (Don’t be evil) шиорига ўхшайди. UiPath Google да бўлгани каби ушбу тамойилга қатъий риоя қилади. Тушлик пайтида Дайнс ўзини таниқли дастурчи эмас, лекин шунчаки жуда яхши инсон деб ҳисоблайди. Кечки овқат пайтида эса у UiPath нинг ҳар қандай ходимига қараганда яхшироқ дастур тузишини айтади.

Қайси гапга ишонишингиз муҳим эмас. Факт фактлигича қолади: дастур сабабли компания асосчиси биринчи бўлиб Руминияни тарк этиб, Американи забт этиш учун йўлга чиқди. Даниел Дайнс ўқитувчи ва муҳандис-қурувчи оиласида туғилган. Унинг ота-онаси иккаласи Руминия диктатори Николае Чаушеску ҳукумати буйруғи билан янги кимё заводи қурилган шаҳарга юборилганида учрашишди. Бўлажак миллиардер “темир парда” ортида ўсган. Болалигида у ёзувчи бўлишни орзу қиларди. Аммо кейинчалик у математика осонроқ эканлигини тушунди.

1990 йилда Берлин девори қулаши ва инқилоб натижасида Чаушеску тизими ағдарилганидан бир йил ўтиб, у университетга ўқишга кирди. Маърузаларда Дайнс  математика ва информатика ташқари бошқа фанлар унга зерикарли туюлгани учун уларни қолдириб, сайр қилиб юрган. Бунинг ўрнига у бридж ўйнаган. Коммунизмдан кейинги даврда у инфляция ва Руминия валютасининг ўзгарувчан курси вақтида пул ишлаб топди, Бухарестда арзонроқ маҳсулотларни сотиб олиб, уларни ўз она шаҳрида сотувга қўйди. 90-йилларнинг ўрталарида Дайнс биржа ваканциясини бошқарган. Бир куни у Американинг технологик компаниялари учун аутсорсинг билан шуғулланувчи бухарестлик дастурчилар ойига тахминан 300 доллар ишлаб топишлари ҳақида билиб қолади. Ўша вақтларда бу пул катта ҳисобланарди.

У кутубхонадан C ++ китобини олди ва дўстининг компьютерида у ухлаётган пайтда ушбу дастурлаш тилини ўрганди. 2001 йилга келиб у Microsoft компаниясидан иш таклифини олганда Сиэтлга кўчиб ўтди ва у ерда деярли беш йил дастурчи бўлиб ишлади. «Биринчи бир неча йил даҳшатли эди. Учрашувларда мен ҳамма гапираётган нарсаларнинг 50% дан 60% гача тушунардим. Аммо мен ўзим ҳеч нарса дея олмасдим», – деб эслайди Даниел Дайнс. Фақат кўп йиллар ўтгач, у баъзи сўзлар, масалан, «folder» (инглизчадан – папка) шунчаки Windows операцион тизимининг пиктограмма номлари (иконка) эмаслигини англаб етади.

2005 йилда Дайнс Бухарестга қайтиб, аутсорсингга ихтисослашган DeskOver ахборот технологиялари компаниясини ташкил этади. Вақтни кузатиб боришга уриниб, Даниел Дайнс бридж ўйнашни тўхтатди ва покерга эътиборини қаратди, натижада унинг бошқарув услубига жиддий таъсир кўрсатди. «У кўп нарсаларни хавф остига қўйди, шунинг учун кўп вақтини йўқотди. Шунга қарамай, у йўқотишларидан сабоқ олишни яхши кўрарди. Баъзан у очиқ карталар билан ўйнарди ва барчадан унинг ўрнида қандай ҳаракат қилишларини сўрарди», – эслайди Мариус Тирца, UiPath нинг техник директори.

2011 йилда ўзининг аутсорсинг компанияси энг йирик мижозини йўқотиб қўйганида, тадбиркор ушбу сабоқларни қай даражада ўрганганлигини текширишига тўғри келди. Ўз бизнесини ёпиш ўрнига у чекишни ташлаш ва Тирцани аввал DeskOver асосчиларидан бири, кейин эса техник директор қилишга қарор қилди. Биргаликда улар компаниянинг яна бир фаолият соҳасига эътибор қаратишди: мобил дастурларни тезроқ яратиш мумкин бўлган дастурий таъминотни ишлаб чиқариш учун воситалар мажмуасини сотиш.

Бироқ, бу стартап ривожланишидаги вақтинчалик босқич эди. Бир марта ҳиндистонлик мижозлар Дайнсга маълумотларни киритиш каби оддий вазифаларни бажариш дастурини мустақил ўрганиш учун ушбу воситалардан қандай фойдаланишни кўрсатиб беришди. Бу тақдирни ўзгартирган кун эди. Шундан сўнг, DeskOver раҳбарияти ходимларни Ҳиндистонга ўқишга юборди. Ўша пайтга келиб, Blue Prism аллақачон банкларнинг касса операциялари ва роботлашган жараёнларни автоматлаштириш атамасини амалда қўллай бошлаганди. Аммо, UiPath вакилларининг сўзларига кўра, улар инглизларнинг бурни остидан муҳим шартномани олишга муваффақ бўлишган. “Бу  технологиямизнинг энг яхши қўлланилиши эканлиги аён бўлди. Бизнинг дастурий таъминот роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимлари дунёсига жуда мос келди», – деб эслайди Даниел Дайнс.

Бўлажак миллиардер виртуал ботларни яратишни бошлади. У янги код ёзишга мажбур бўлинмайдиган дастурни ишлаб чиқишга эътибор қаратди. 2014 йилга келиб компаниянинг даромади 500 минг долларгача ўсди ва бу Руминия стандартлари бўйича жуда кўп ҳисобланарди. Дайнс Hacker News веб-сайтида ўқиган мақолаларидан илҳомланиб, Кремний водийсидаги каби катта мижозларни жалб қилишга қарор қилди. Унинг компанияси SaaS бизнес модели (инг. software as a service )га ўтди, унда абонентларга провайдер томонидан тўлиқ хизмат кўрсатиладиган тайёр дастурий таъминот тақдим этилади. Кейин дастурчи Европадаги Earlybird, Credo Ventures ва Seedcamp капитал маблағларидан 1,6 миллион доллар йиғди. Кўп ўтмай, у компанияни ўзгартирди ва ўз жамоаси томонидан ишлаб чиқилган коднинг техник термини шарафига UiPath деб номлади.

Катта аудит ва консалтинг компаниялари билан рақобат қилиш ўрнига Дайнс уларнинг ҳамкори бўлишга қарор қилди. Ўша пайтда “Cognizant” ва “Ernst & Young” каби компаниялар халқаро корпорациялар билан харидлар ва бошқа жараёнлар самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган шартномалар тузишган эди. UiPath мижозлари сифатида консалтинг компаниялари маълум жараёнларни автоматлаштириш орқали бироз пул тежашлари мумкин эди. Бундан ташқари, Даниел Дайнс маслаҳатчилардан UiPath ҳақида ўз мижозларига гапиришларини сўради ва бунинг эвазига бот ҳаражатларини 80 фоизга камайтиришга имкон берди. Шундай қилиб, дунёдаги энг йирик консалтинг компаниялари тўсатдан UiPath савдо агентларига айланди. Икки йилдан сўнг Swiss Re қайта суғурталаш компанияси вакиллари унинг Цюрихга келиб, 100 минг долларлик шартнома тузишини талаб қилишганда, Дайнс ўз мижозларидан бирини учратди.

Blue Prism компаниясининг асосий рақобатчилари (2019 йил сентябрь ойидаги бозор капиталлашуви – 750 миллион АҚШ доллари) 2016 йилда  IPO – дастлабки оммавий таклиф ўтказганида, Даниел Дайнс ўғилларини жаҳон бозорига олиб чиқишга қарор қилди. Унинг аллақачон АҚШда ўз мижози бор эди – UiPath компанияси «General Electric» билан 300 минг долларлик шартнома имзолаганди. Аммо тадбиркор келгусида кенгайтириш учун бутун дунёда кўплаб офисларни очиши кераклигини биларди. 2016 йилда у ташқи дастурлаш бўйича ҳинд Бангалоридаги биринчи марказини очди. UiPath кейинчалик Лондон ва Нью-Йоркда ўз офисларига эга бўлди. 2017 йилда Севишганлар куни муносабати билан компания Accel венчур фондидан 30 миллион доллар ишлаб олди. UiPath 110 миллион долларга баҳоланган бўлиб, келишув аэропортда имзоланганди. Ўшанда UiPath раҳбари Токиога компаниянинг бошқа офисини очиш учун учиб кетаётганди. Accel фондининг ҳамкори Лучиан Лишандранинг сўзларига кўра, хайрлашаётганда Дайнс Лондон сармоядорларига қараб: «Мен сизларга бир дунё пул олиб келаман!» деганди.

Маблағ олгандан кейин тадбиркорнинг орзулари кучайди. Икки йил олдин Дайнс UiPath нинг бош офисини Нью-Йоркка ўтказди ва у ерга оиласи билан кўчиб ўтди. Ҳанузгача вақтининг учдан бир қисмини Бухарестдаги идорасида ўтказади, ҳозир у компаниянинг тадқиқот маркази бўлиб хизмат қилади. 2017 йил охирига келиб, UiPath нинг даромади  30 миллион долларни ташкил этди. Дайнснинг компанияси Кремний водийси стартапларидан фарқ қилади, улар кўпинча бир-бирининг хизматларидан фойдаланадилар.

UiPath вакилларининг сўзларига кўра, Америкадаги энг йирик компанияларнинг 60 фоизини компаниянинг мижозлари деб аташ мумкин. UiPath нинг узоқ муддатли мақсади – жаҳон бозорини забт этиш. Буни компаниянинг савдо-сотиқ тўғрисидаги маълумотлари ҳам тасдиқлайди: учдан бири Шимолий Америкада, иккинчиси Европада ва учинчиси дунёнинг қолган қисмида. Компаниянинг жадал ўсиши тезда инвесторларни жалб қилди. CapitalG венчур фонди 2018 йил март ойида В сериясини молиялаштириш турига қўшилди. Alphabet шўъба корхонаси UiPath га 153 миллион доллар сармоя киритди. Accel Лондон венчур фонди яна компанияга сармоядор бўлди. Натижада UiPath баҳоси 1,1 миллиард долларга етди.

2018 йил ёзида, UiPath сотуви 100 миллион доллардан ошганда, Дайнс бир таклифни қабул қилди, бу бирлашган фирмаларнинг асосчиларининг ўзига хос маросими эди. Масаёси Сон бошчилигидаги SoftBank нинг шўъба корхонаси ва 100 миллиард долларлик активларга эга Vision Fund инвестиция фонди вакиллари Франциядаги Лазур қирғоғида таътил пайтида тадбиркор билан учрашишди. Кейин Дайнс Японияга Масаёси Сон билан шахсан учрашиш учун учиб кетди. Унга 1 миллиард доллар маблағ ажратишни таклиф қилди. Аммо бу тадбиркор учун сармояни қабул қилиб бўлмайдиган даражада кенгайтириш ва директорлар кенгашида назоратни кучайтириш ҳақида эди. Дайнс бу таклифни ёқтирмади. Миллиардернинг сўзларига кўра, у шундай деди: «Масаёси, биз сармоя киритишдан хурсанд бўламиз. Аммо унчалик катта эмас». Натижада Vision Fund билан биргаликда молиялаштиришнинг навбатдаги босқичи CapitalG ва Sequoia Capital венчур фондлари томонидан амалга оширилди. UiPath яна 225 миллион доллар йиғди ва унинг қиймати 3 миллиард долларга кўтарилди.

“Даниел жуда яхши музокаралар олиб бормоқда. У сувдаги балиққа ўхшайди. У ташқаридан хотиржам, аммо унинг ичида олов ёнмоқда», деб ҳисоблайди UiPath нинг бош ҳисобчиси Михай Фаур.

Етакчилик учун кураш

Уйқудан уғонган Даниел Дайнс одатда зерикмагунча бир соатча ўқийди. Кейин у яна қисқа вақт ухлаб олади. Руминияда у соат 11 дан кейин WhatsApp ва Slack мессенжерларини очади. Нью-Йоркда – бироз олдинроқ. Кечки овқат пайтида Дайнс Герман Гессе ва Византия тарихидан тортиб, “Битимларни имзолаш сирлари” (Secrets of Closing the Sale)  каби бизнес китобларгача бўлган ҳамма нарсалар ҳақида гаплашиши мумкин. Илгари папка нимани англатишини билмаган Microsoft нинг собиқ дастурчиси ҳозирда Билл Гейтснинг ёзги ўқиш рўйхатида энг кўп сотилган Амор Тоулснинг “”Москвалик жаноб” романи билан таниш. Даниел Дайнс бош қаҳрамон граф Ростов кичкина қизни асраб олганда ҳаётини яхши томонга ўзгартирганидан ҳайратда қолади. «Граф ва мен бир хил қарашга эгамиз ва ўхшаш жиҳатларимиз кўп. Мен жуда кўп ишлайман, фақат ўзимга ёқадиган нарсалар устида. Мен жуда дангаса одамман, шунинг учун образларни яхшироқ танишни ўрганишим керак эди», дейди миллиардер.

Даниел Дайнс кўп вақтини самолётда ўтказади – у дунёдаги компанияларнинг офисларига ташриф буюради. Бу осон эмас. Яқинда у HP, Microsoft ва SAP ҲП топ-менежерларини UiPath да ишлашга таклиф қилди. Тажрибали мутахассисларнинг келиши билан UiPath нинг корпоратив маданияти бироз ўзгарди. Кенгаш мажлислари стол тенниси столида ва фақат румин тилида ўтказилган кунлар тугади. «Румин тилида танбеҳ бериш ва уришиш осонроқ», – деб тушунтиради бухарестлик маҳсулот бўйича менежери Богдан Рипа.

13 йил олдин Amazon Web Services компанияси биринчи тижорат оммавий булутини ишга туширди ва булутли технологиялар бугунги кунда 200 миллиард долларга баҳоланган муҳим бозорга айланди. Эски технология компаниялари йўқ бўлиб кетди ва ахборот технологиялари гигантларининг янги авлоди пайдо бўлди. Роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимлари бозори қуйидагича бўлади. Gartner нинг маълумотларига кўра, ушбу бозорнинг 2018 йилдаги умумий даромади унчалик катта эмас эди – 846 миллион доллар. Лекин бу рақамлар ҳозирда йирик битимлар тузилаётганлигини ва обуналар сони ўсиб бораётганини англатади. Шу билан бирга кўплаб компаниялар вақт ўтиши билан ботларни киритиш орқали ўз жараёнларининг самарадорлигини оширишни режалаштирмоқдалар. «Деярли ҳамма бу бозорни забт этишни бошлади. Роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимлари келажакнинг асосидир. Қўл билан бошқариладиган жойда Роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимлари бўлади», – деди “Cognizant” компаниясининг  автоматлаштириш бўлими раҳбари Сундар Сукаванам. Унинг раҳбарлиги остида 2500 мутахассис ўз бизнесларини рақамли равишда ўзгартирмоқчи бўлган ва бир неча минг ботларни яратиш учун миллионлаб доллар сарфлайдиган ботлар ва мижозлар билан ишлайди.

Япониянинг автогиганти Toyota Шимолий Америкадаги 86 та бизнес жараёнларини автоматлаштирди ва UiPath хизматларидан ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида, илмий тадқиқотлар ва ишланмалар соҳасида, шунингдек корпоратив хизматлар соҳасида фойдаланди. Компания йилига 40 минг иш соатини тежашга муваффақ бўлди. Ботлар ташриф карталарини буюртма қилишдан тортиб, дебиторлик қарзларини ҳисоблашгача бўлган ҳамма нарсани ҳал қилишади. Битта бот Toyota билан ишлайдиган Шимолий Америкадаги барча 12 та энг йирик темир йўл ташувчиларининг маълумотларини битта ҳужжатга бирлаштириши мумкин. Аслида уларни яратиш учун юзлаб соат керак бўлади. Toyota яна бир неча иш жараёнларини автоматлаштиришни ва йил охиригача қўшимча 60 минг иш соатларини тежашни режалаштирмоқда. Гап ҳатто Япония ҳақида ҳам эмас. «Биз эмакладик, кейин пиёда юрдик ва энди тезликни оширмоқдамиз», деди Toyota North America бош директори Жейсон Баллард.

UiPath — роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимларидан пул ишлаб топадиган  ягона компания эмас. Deloitte каби консалтинг компаниялари бир нечта роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимларини етказиб берувчилар билан ишлайди. Automation Anywhere мижозлари қаторига Juniper Networks ва Symantec, шунингдек Австралия ва Янги Зеландия банк гуруҳлари сингари молиявий компаниялар киради. Automation Anywhere бош директори Михир Шукла ўтган йили 550 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағни жалб қилди, хусусан SoftBank дан 300 миллион доллар. Унинг мақсади UiPath нинг позициясини бузиш. Шукла компаниянинг даромадларини ошкор қилмайди, аммо Automation Anywhere UiPath га қараганда кўпроқ савдо ва мижозлари борлигидан ғурурланади. «Маҳсулотларимиз ўртасидаги фарқ Nokia и iPhone телефонлари ўртасидаги фарқга ўхшайди. Адашманг, бозорнинг пешқадами – бизнинг компаниямиздир. Бизнинг навбатдаги молиялаштиришимиз сизга буни кўрсатади», дейди у.

Автоматлаштириш бозорида етакчилик учун курашдаги асосий масала – сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш. Ботларни янада оқилона ва ишончли қилиш керак. Улар энг қийин иш вазифаларини уддалашга мажбур. Июнь ойида Blue Prism 100 миллион долларлик сунъий интеллект технологиясини сотиб олиш тўғрисида эълон қилди. Automation Anywherе вакилларининг таъкидлашича, уларнинг компанияси сўнгги беш йил ичида сунъий интеллект воситаларини бир неча марта тақдим этган. Уларнинг орасида беш дақиқада ипотека кредитини тасдиқлаш ёки рад этиш воситаси борлигини таъкидлаш керак. UiPath компаниясининг Бухарест малака ошириш марказига ташриф буюрувчилар сунъий интеллектга оид экспонатларни кўришлари ва яқинда қандай вазифалар тўлиқ ботларга ўтказилишини билиб олишлари мумкин. Октябрь ойида UiPath сунъий интеллект технологиялари соҳасида ўзининг қўлга киритган ютуқлари ва янгиликларини эълон қилишни режалаштирмоқда. «Биз мижозларимизга ботлардан фойдаланишда ёрдам берадиган технологияларга маблағ киритмоқдамиз», дейди Даниел Дайнс.

Йирик технологик компаниялар ҳали ҳам роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимлари бозори учун очиқ курашга киришмаган. Аммо бу жуда оддий эмас. Google — CapitalG венчур фонди орқали UiPath нинг мижози ва билвосита сармоядори. UiPath дастурлари асосан Microsoft дастури ва булутли хостинг воситалари асосида ишлаб чиқилган. Microsoft — SoftBank нинг иккинчи йирик инвестиция фондидаги етакчи инвестор ҳисобланади. Microsoft SoftBank нинг портфелидаги компаниялар билан, шу жумладан UiPath нинг асосий рақобатчиси билан янада яқинроқ ишлашни режалаштирмоқда, деб ҳисобланади. Шу билан бирга, Microsoft ўзининг автоматлаштириш платформаси – Microsoft Flow га сармоя киритишда давом этмоқда, баъзи экспертлар бошқа компанияларнинг роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимларига муқобил, деб ҳисоблайдилар.

Кўпинча «нозик масала» бизнес жараёнларнинг самарадорлигини ошириш учун қандай нархни тўлашингиз кераклиги билан боғлиқ бўлиб чиқади, чунки роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимлари кўп ишлардан маҳрум қилиши мумкин. UiPath нинг молиявий директори Мари Майерснинг айтишича, у Американинг HP – Hewlett-Packard компаниясида ишлаганида бухгалтерия операциялари учун ботларни жорий қилишни қўллаб-қувватлаган. Компания ходимлари роботлашган жараёнларни автоматлаштириш ечимлари ва ботлари билан ишлашни яхши ўзлаштиришди. Шунга қарамай, бундай технологияларга ўтиш ходимлар янги кўникмаларни, шу жумладан ушбу автоматлаштирилган тизимларга техник хизмат кўрсатишни ўрганиш кераклигини англатади. Массачусетс технология институтининг иқтисод фанлари профессори Дарон Ажемоглу: «Мен кўплаб компаниялар вакиллари билан гаплашдим», – деб эслайди. Унинг сўзларига кўра, у улардан кадрлар бўлимлари маълумотларини олимларга топширишни сўраб, шундай деди: «Сиз ҳақиқатан ҳам қисқартирганингиз миқдорича иш ўринлари яратаётганингизни текширамиз.» Одатда бу пайтда суҳбат тўхтаганлигини айтади.

Дайнснинг таъкидлашича, унинг мақсади 2020 йил охирига қадар IPO учун ҳужжатлар тайёрлаш ва 2021 йилгача UiPath акцияларини фонд биржасига жойлаштириш. «Мен биржада савдони очиш тўғрисида сигнал беришни орзу қилмайман. Менга керак эмас. Аммо ҳақиқатан ҳам катта компания хусусий бўла олмайди. Қандайдир вақт келиб, биржага чиқиш керак”, деб ҳисоблайди миллиардер. Биржага киришдан олдин, UiPath кейинги йил бошида маблағ тўплашнинг навбатдаги турини ўтказиши мумкин. Агар компания раҳбарияти ушбу қадамни қўйишга қарор қилса, UiPath  баллари сезиларли даражада ошади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу йил охирига келиб UiPath нинг даромади 300 миллион доллардан ошади, 2020 йилда эса 1 миллиард долларни ташкил этади.

«Олти ой ичида UiPath билан нима бўлишини олдиндан айта олмайсиз, чунки илгари ҳеч ким бундай нарсаларни яратмаган. Бизнинг компаниямиз китобга ўхшайди: у доимо ўзгариб туради”, деди Даниел Дайнс.

Полина Шеноева таржимаси.

Мақолалар